Тошкент аэропортида қарийб 12 кг гиёҳванд модда ушланди
Тошкент аэропортида қарийб 12 кг гиёҳванд модда ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ташкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда Тошкент халқаро аэропорти орқали гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб киришга бўлган икки уринишнинг олдини олди. Мусодара қилинган гиёҳванд моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 12 килограммни ташкил қилди.
Биринчи ҳолатда чегара божхона постида Бангкокдан учиб келган ва «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган 44 ёшли йўловчи ушланган. Унинг қўл юки ва бағажи кўздан кечирилганда, божхона ходимлари 4,8 килограммдан ортиқ марихуанани аниқлади.
Яна бир ҳолат Пхукетдан келган қўшни давлатлардан бирининг 19 ёшли фуқаросини текшириш жараёнида фош этилди.
Унинг бағажини кўздан кечириш чоғида божхоначилар эътиборини қуруқ сут деб белгиланган қадоқлар тортди.
Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, ўнта қадоқ ичидаги модда синтетик гиёҳвандлик воситаси — мефедрон экани аниқланди. Мусодара қилинган гиёҳванд модданинг умумий оғирлиги 7 килограмм 180 граммни ташкил этди.
Ушланган шахснинг сўзларига кўра, у Telegram мессенжери орқали номаълум шахс билан танишган ва унинг кўрсатмасига биноан 1 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот эвазига гиёҳванд моддаларни Тошкентга етказиб беришга рози бўлган.
Божхона органлари маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярми давомида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб кириш ва муомалага киритиш билан боғлиқ 403 та ҳолат аниқланган. Натижада ноқонуний айланмадан қарийб 1 тонна 760 килограмм гиёҳванд модда олиб қўйилган.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.