Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ раҳбарлари музокара ўтказди
Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ раҳбарлари музокара ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан тор доирада музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, олий даражада эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш, шунингдек, сиёсий мулоқотни изчил ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Учрашув давомида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ва чегараолди соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, вазирлар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ёндашувларни мувофиқлаштирди.
Музокаралар якунида томонлар яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш мақсадида келгусида ҳам яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.