Тошкент вилояти делегацияси Беларусга ташриф буюрмоқда
Тошкент вилояти делегацияси Беларусга ташриф буюрмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси амалий ташриф билан Беларус Республикасида бўлиб турибди.
Ташрифнинг дастлабки кунида Тошкент вилояти делегацияси Минск шаҳрида Беларус Республикаси Президенти Ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Николай Шерстнёв билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида томонлар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган стратегик шериклик сиёсати ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этилганидек, бугунги кунда икки мамлакат ҳамкорлиги саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестисиялар, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ҳамда гуманитар соҳаларни қамраб олган бўлиб, ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Учрашув давомида Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг иқтисодий ва инвестисиявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Беларус томони ҳам Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти ва инвестисия имкониятларига юқори баҳо бериб, савдо-иқтисодий ҳамда инвестисиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, аниқ инвестисия лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича тизимли мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Сафар дастурида йирик хорижлик бизнес эгалари ҳамда расмий доиралар вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.