Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

PwC Ўзбекистон бўйича инвестиция қўлланмасини эълон қилди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 18:00 · 22 views
PwC Ўзбекистон бўйича инвестиция қўлланмасини эълон қилди

PwC Ўзбекистон бўйича инвестиция қўлланмасини эълон қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бешинчи юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми муносабати билан PwC компанияси Uzbekistan Investment Guide 2026 қўлланмасини тайёрлади. Унда Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити, амалга оширилаётган ислоҳотлар, устувор иқтисодий тармоқлар, солиқ тизими ва бизнес юритиш шартлари бўйича батафсил таҳлил тақдим этилган.

Ҳужжатда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар келтирилган. Унга кўра, 2025 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажми 87,5 миллиард долларга, ташқи савдо айланмаси эса 81,2 миллиард долларга етган. 2025 йил апрель ҳолатига кўра халқаро захиралар 68,99 миллиард долларни ташкил этган. Ишсизлик даражаси 4,8 фоиз, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати эса 31,9 фоиз бўлган.

Қўлланманинг катта қисми иқтисодиётнинг устувор тармоқларига бағишланган. Энергетика соҳасида Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 ГВтга етказиш ва унинг умумий истеъмолдаги улушини 54 фоизгача оширишни мақсад қилган. Шакллантирилган лойиҳалар портфели тахминан 30 ГВт деб баҳоланмоқда.

Инвесторларга, қоида тариқасида, 25 йиллик узоқ муддатли оффтейк шартномалари таклиф этилмоқда. Улар АҚШ долларида ёки долларга боғланган ҳолда тузилади. ЯИМнинг 17 фоизини шакллантирувчи ва бозор ҳажми қарийб 43 миллиард долларга тенг бўлган агросаноат мажмуаси учун 2,6 миллиард долларлик давлат қўллаб-қувватлаш пакети назарда тутилган. У субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва ҳосилни давлат томонидан суғурталаш механизмларини ўз ичига олади. 2026 йил январь ойида мева-сабзавот экспорти йиллик ҳисобда 21,6 фоизга ошган.

Рақамли иқтисодиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бозор ҳажми 2025 йилда 6,3 миллиард долларга етган ва йиллик ўсиш қарийб 40 фоизни ташкил қилган. IT соҳаси асосий устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. IT Park резидентлари 2040 йилгача фойда солиғининг нол ставкаси бўйича фойдаланади. Шунингдек, DataVolt компаниясининг қуввати 500 МВтгача бўлган объектлар қуриш бўйича англашув меморандумини имзолаганлиги, лойиҳанинг биринчи босқичига 150 миллион доллар инвестиция йўналтирилиши ҳамда Mobiuz операторини тахминан 300 миллион доллар баҳода хусусийлаштириш режаси алоҳида қайд этилган.

Молия секторига бағишланган бўлимда финтех соҳасининг ривожланиши ёритилган. TBC Bank 21 миллион фойдаланувчига эга рақамли экотизимни шакллантирган. Uzum эса Tencent ва VR Capital иштирокида 2,3 миллиард долларлик баҳога эришган. 2026 йил март ойида ислом банкинги тўғрисидаги қонун кучга кириб, мазкур соҳани тартибга солишнинг тўлиқ ҳуқуқий асосини яратди.

Шу билан бирга, инглиз умумий ҳуқуқи асосида фаолият юритувчи ва имтиёзли солиқ режимига эга Тошкент халқаро молия маркази ҳам ривожланмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга қадар марказ 20–25 миллиард доллар инвестиция жалб қилади ва 15 мингта юқори малакали иш ўрни яратади.

Қўлланмада солиқ тизими ҳам батафсил ёритилган. Фойда солиғининг стандарт ставкаси 15 фоизни ташкил этади. Банклар, мобил алоқа операторлари, савдо марказлари ва полиэтилен гранулалари ишлаб чиқарувчилари учун ушбу ставка 20 фоиз қилиб белгиланган. Қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳам 12 фоизни ташкил этади. Манбада ушлаб қолинадиган солиқ дивидендлар ва фоизлар учун 10 фоиз, роялти ва ижара тўловлари учун 20 фоизни ташкил қилади. Бу ставкалар икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимларга мувофиқ камайтирилиши мумкин.

Инфратузилмага бағишланган бўлимда New Tashkent City лойиҳаси, аэропортлар тармоғини модернизация қилиш ҳамда 2030 йилгача 61 500 километр автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш режалари қайд этилган. Давлат-хусусий шериклик ва хусусийлаштириш лойиҳаларининг умумий портфели 2030 йилга қадар 30 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Uzbekistan Investment Guide 2026 қўлланмаси PwC томонидан бешинчи юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчилари учун тайёрланган бўлиб, у халқаро инвесторлар, бизнес ҳамжамияти ва давлат сектори вакилларига мўлжалланган.