Тошкентнинг Миробод туманидаги кафеда чиққан ёнғин 10 дақиқада ўчирилди
Тошкентнинг Миробод туманидаги кафеда чиққан ёнғин 10 дақиқада ўчирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 12 июль куни кечқурун жамоат овқатланиш муассасаларидан бирида ёнғин содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилишича, Миробод кўчасида жойлашган кафеда ёнғин чиққанлиги ҳақидаги хабар соат 22:24 да келиб тушган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига тўрт дақиқадан сўнг етиб келган.
Ёнғин соат 22:34 га келиб тўлиқ бартараф этилди.
Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин натижасида бино томининг 15 квадрат метр қисмига зарар етган.
Ҳозирги вақтда мутахассислар ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдорини аниқламоқда.