Шошилинч
Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» BP компанияси тажрибасини ўрганмоқда

«Ўзбекнефтгаз» BP компанияси тажрибасини ўрганмоқда
«Ўзбекнефтгаз» BP компанияси тажрибасини ўрганмоқда / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» нефть-газ соҳасида геологик қидирув ишлари ва рақамлаштириш масалалари бўйича Британиянинг BP компанияси делегацияси билан техник семинар ва ишчи учрашувлар ўтказмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирлар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Улар углеводород конларини ўзлаштириш самарадорлигини ошириш, геологик қидирув ишларини такомиллаштириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган.

BP делегациясига компаниянинг Каспий минтақаси, Марказий Осиё ва Туркияда нефть конларини ўзлаштириш бўйича вице-президенти Абекер Таутиев бошчилик қилмоқда.

Семинар 17 ноябрдан 20 ноябрга қадар давом этади. Британия компанияси мутахассислари геологик қидирув ишларини ташкил этиш ва углеводород ресурсларини баҳолаш бўйича халқаро тажрибани тақдим этмоқда.

Узоқ вақт давомида фойдаланилаётган конларни бошқариш ва қазиб олиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, иштирокчилар рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. BP вакиллари «Ўзбекнефтгаз» мутахассисларини ушбу технологияларни амалиётда қўллаш тажрибаси билан таништирмоқда.

Учрашувлардан мақсад нафақат хорижий ишланмаларни ўрганиш, балки уларни Ўзбекистон нефть-газ саноатининг шароитлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қўллаш имкониятларини баҳолашдан ҳам иборат. Семинар доирасида мутахассислар ўртасида амалий тажриба алмашиш ташкил этилган.

Ташрифнинг кейинги босқичида BP делегацияси Ўзбекистоннинг геологик ва геофизик салоҳияти, углеводород захиралари мавжуд бўлиши истиқболли блоклар ҳамда геологик қидирув лойиҳалари билан танишади.

Соҳага ихтисослашган ташкилотлар вакиллари билан учрашувларда геологик хатарларни баҳолаш, қидирув ишларида замонавий технологияларни қўллаш ва ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташрифнинг якуний босқичида томонлар тақдимотлар ва техник ташрифлар натижаларини сарҳисоб қилади. Шунингдек, BP тажрибасини геологик қидирув ишлари, конларни бошқариш ва ишлаб чиқаришни рақамлаштиришда қўллаш истиқболларини баҳолайди.

Бундан ташқари, кун тартибидан келгусидаги ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишлари, пилот лойиҳаларни амалга ошириш, техник маълумотлар алмашиш тартиби ва кейинги амалий қадамларни белгилаш масалалари ҳам ўрин олган.

:

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.