Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 63,7 млрд долларгача қисқарди

UzDaily таҳририяти · 07.07.2026 · 21:35 · 22 views
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 63,7 млрд долларгача қисқарди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 63,7 млрд долларгача қисқарди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил июль ойи бошида 63,7 млрд долларгача қисқарди. Бир ой ичида захиралар ҳажми 6,8 млрд доллардан ортиққа камайган. Бу ҳақда республика Марказий банкининг Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) форматида тайёрланган ҳисоботи маълумотларида келтирилган.

Захираларнинг асосий қисмини — 87,5 фоизини олтин ташкил этади. Июль ойида унинг қиймати июндаги 61,4 млрд доллардан 55,8 млрд долларгача пасайган. Шу тариқа, қиймат жиҳатидан тахминан 5,7 млрд долларлик камайиш қайд этилган.

Шу билан бирга, олтиннинг жисмоний ҳажми ўсишда давом этди. Июль ойи якунларига кўра, у 13,88 млн трой унциясига етди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 13,60 млн трой унциясини ташкил этган эди. Бу эса қийматнинг пасайиши жаҳон бозоридаги нархлар ўзгариши билан боғлиқ эканини ва Марказий банк олтин захираларини кўпайтиришда давом этаётганини кўрсатади.

Захираларнинг валюта қисми 7,4 млрд долларни ташкил этиб, июнь ойига нисбатан 1,1 млрд долларга қисқарди.

Валюта портфели таркибида ҳам таркибий ўзгариш кузатилди. Хорижий банклардаги депозитлар қолдиғи ҳисобот даври бошидаги 8,8 млрд доллардан 2026 йил июлида 3,4 млрд долларгача камайган. Айни пайтда қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестициялар 2,9 млрд долларгача ошган. Бу регулятор қисқа муддатли депозитларни босқичма-босқич узоқ муддатли молиявий инструментлар билан алмаштираётганини кўрсатади.