Ўзбекистон–Ироқ Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди
Ўзбекистон–Ироқ Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ироқ Республикаси савдо вазири Мустафо Низор Жума бошчилигидаги делегация иштирокида Ўзбекистон–Ироқ Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилди.
Йиғилишга Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, мамлакатамизнинг Қувайтдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аюбхон Юнусов, Ироқ томонидан эса Савдо вазири Мустафо Назар Жумаа ҳамда Ироқ Иқтисодий кенгаши президенти Иброҳим Мадлул Овади Масъудий бошчилик қилди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда инвестиция, савдо ва саноатнинг электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари каби устувор тармоқларда алоқаларни кенгайтириш бўйича истиқболли йўналишлар муҳокама этилди.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда хусусий секторлар ўртасидаги бевосита ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, йиғилиш давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ироқ Иқтисодий кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиб, унинг доирасида Ўзбекистон–Ироқ Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди.
Ўзбекистон–Ироқ ишбилармонлик кенгашининг таъсис этилиши икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий шериклик учун янги институционал асос яратиб, тадбиркорлик ҳамкорлигини мунтазам ва тизимли равишда ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида B2B форматида ишбилармонлик учрашувлари ташкил этилиб, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил жавоблар олиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш имкониятига эга бўлди.