Ўзбекистонда умумий овқатланишни тартибга солиш енгиллашади
Ўзбекистонда умумий овқатланишни тартибга солиш енгиллашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳасида бизнес юритиш билан боғлиқ бир қатор маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш режалаштирилмоқда. Масалалар Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида кўриб чиқилди.
Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш масаласи бўлди. Учрашув иштирокчилари қайд этишича, барча соҳалар учун ягона талаблар мавжуд бўлсада, амалдаги меъёрлар кафе ва ресторанлар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини етарлича ҳисобга олмайди.
Хусусан, кадрлар алмашинувининг юқорилиги, қисқа муддатли бандлик ва иш жадвалининг беқарорлиги қайд этилди. Тадбиркорлар таъкидлашича, ушбу омиллар расмий ишга қабул қилиш жараёнини мураккаблаштиради ва айрим ҳолларда ходимларни қонуний тарзда ёллашдан воз кечишга олиб келади.
Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида ходимларни соддалаштирилган тарзда ҳисобга олиш бўйича рақамли тизим жорий этиш таклиф қилинди.
Режага кўра, иш берувчилар шахсий кабинет орқали ходимларни паспорт ёки ID-карта асосида рўйхатдан ўтказиш, иш вақти ҳисобини юритиш, соатбай ёки кунбай иш ҳақини ҳисоблаш, шунингдек солиқлар ва мажбурий тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш имкониятига эга бўлади.
Муҳокама давомида экологик тўловлар масаласи ҳам алоҳида кўтарилди. Ҳозирги вақтда чиқиндилар меъёрларидан ортиқча ҳажм учун компенсациялар 20 бараваргача оширилган коэффициентлар асосида ҳисобланиши мумкин.
Бизнес вакиллари бундай механизмлар умумий овқатланиш корхоналарига ҳам қўлланилаётганини таъкидлаб, бу катта молиявий юкламага олиб келаётганини билдирди. Айрим ҳолларда ушбу харажатлар 80–100 миллион сўмгача етаётгани қайд этилди.
Тадбиркорлар кафе ва ресторанлар саноат объектлари тоифасига кирмаслигини, шунинг учун уларга нисбатан бундай коэффициентларни қўллаш ортиқча деб ҳисоблашини билдирди.
Шу муносабат билан мазкур соҳа учун экологик тўловларни ҳисоблаш тартибини қайта кўриб чиқиш, шунингдек майдони 200 квадрат метргача бўлган, жумладан турар жой биноларининг биринчи қаватида жойлашган кичик корхоналар учун оширувчи коэффициентларни камайтириш ёки қўлламаслик таклиф этилди.
Мулоқот иштирокчилари фикрича, бундай объектлар газ, электр таъминоти, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа талаблар бўйича ваколатли органлар билан келишилган ҳолда фаолият юритмоқда, бу эса уларнинг хавфсиз ишлаш имкониятини тасдиқлайди.