Ўзбекистон

Ўзбекистонда қидирувда бўлган аёл Туркияда қўлга олинди

Ўзбекистонда қидирувда бўлган аёл Туркияда қўлга олинди
Ўзбекистонда қидирувда бўлган аёл Туркияда қўлга олинди / Фото: Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Одам савдоси ва хорижга ноқонуний чиқиб кетишда айбланаётган, узоқ вақтдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси М.Х. Туркияда аниқланиб, қўлга олинди ва кейин Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

М.Х. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) ва 223-моддаси (хорижга ноқонуний чиқиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблангани муносабати билан халқаро қидирувга берилган.

Тергов материалларига кўра, М.Х. бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда, фуқароларни алдов йўли билан Қозоғистон орқали Таиланд ва Туркияга олиб чиққан. Тергов версиясига кўра, у хорижда уларни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб қилган.

Қидирувда бўлган аёлнинг қаердалиги Ўзбекистон ва Туркия ваколатли органларининг қўшма тезкор тадбирлари натижасида аниқланган. Шундан сўнг уни қўлга олиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтариш таъминланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноят содир этиш ва мамлакат ташқарисида яширинишга уриниш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликдан озод қилмаслигини таъкидламоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.