Ўзбекистон

Ўзбекистон Россияда жароҳатланган фуқарони Ватанга қайтаришга ёрдам берди

Ўзбекистон Россияда жароҳатланган фуқарони Ватанга қайтаришга ёрдам берди
Ўзбекистон Россияда жароҳатланган фуқарони Ватанга қайтаришга ёрдам берди / Фото: Ўзбекистон ТИВ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Россия жанубидаги консуллик округи ҳудудида ишлаш вақтида оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқаросини Ватанга қайтаришга кўмаклашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида Д.У. исмли фуқаро турли даражадаги кўплаб жароҳатлар олган ва минтақа тиббий муассасасига ётқизилган. У ерда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаш ишлари олиб борилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон томони уни Ўзбекистонга олиб келиш ишларини ташкил этди. Жабрланган фуқаронинг соғлиғи ҳолати ва даволовчи шифокорларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, уни тиббий эвакуация орқали Ватанга олиб келишга қарор қилинди.

Фуқарони кузатиб бориш учун Ўзбекистондан Россияга икки нафар тиббий мутахассис келди. Улар парвоз давомида зарур тиббий кузатувни таъминлади.

Ташкилий ишлар якунланганидан сўнг фуқаро тиббий ходимлар ҳамроҳлигида Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича авиарейс орқали Ўзбекистонга жўнатилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.