Ўзбекистонда ижарага олинган ерни субижарага беришга рухсат берилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тадбиркорларга ижарага олинган ер участкаларини бошқа тадбиркорларга, жумладан, аукцион орқали олинган ерларни ҳам субижарага беришга рухсат этилади. Мазкур чора Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти давомида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-175-сон фармонида назарда тутилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти учун кўчмас мулкни ижарага беришга оид муносабатлар учун алоҳида «тижорат ижараси» тоифаси жорий этилади. Бундай муносабатлар учун намунавий шартнома ишлаб чиқилади.
Тижорат ижарасининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш таклифини аввалроқ «Korzinka» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Президент билан учрашувда билдирган эди.
Шунингдек, бир йил ва ундан ортиқ муддатга тузилган ижара шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш талаби бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Унинг ўрнига шартномаларни солиқ органларида автоматик равишда ҳисобга қўйиш тизими жорий этилади.
Ўзгаришлар ижарага олинган объект эгаси алмашган ҳолатларга ҳам тааллуқли бўлади. Кўчмас мулк сотилганда, янги мулкдор амалдаги ижара шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни автоматик равишда қабул қилади.
Шу билан бирга, ижарачи томонидан объектга киритилган инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш режалаштирилмоқда.
Фармонга кўра, тегишли қонун лойиҳаси икки ой ичида ишлаб чиқилиши керак.