Ўзбекистон

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари айланмаси назоратида электрон хавфни баҳолаш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари айланмаси назоратида электрон хавфни баҳолаш тизими жорий этилади
Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари айланмаси назоратида электрон хавфни баҳолаш тизими жорий этилади / Фото: Ўзбекистон Адлия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи, шунингдек, саноат мақсадларида каннабис етиштириш соҳасида қонунчилик бузилиши хавфини баҳолашнинг электрон тизими жорий этилмоқда.

Тегишли низом Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 ноябрь куни 3968-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Янги тизим тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилишлар содир этилиши эҳтимолини автоматлаштирилган тарзда баҳолашни назарда тутади.

Хавф даражасини аниқлаш учун давлат органларининг ахборот тизимларидаги маълумотлар, статистик маълумотлар, фуқароларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари материаллари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан фойдаланилади.

Хавфларни таҳлил қилиш жараёнида тадбиркорлардан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

Баҳолаш гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи, шунингдек, каннабисни саноат мақсадларида етиштириш устидан назоратнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади.

Таҳлил натижаларига кўра, тадбиркорлик субъектларига юқори, ўрта ёки паст хавф тоифаларидан бири берилади.

Юқори ва ўрта хавф даражасига киритилган субъектларга нисбатан профилактика тадбирлари ва текширувлар қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.

Паст хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Бунда электрон тизим томонидан белгиланган хавф даражасининг ўзи тадбиркорга нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлмайди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.