Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ташкилот саммити арафасида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ташқи ишлар вазири ўз баёнотида маълум қилишича, йиғилиш иштирокчилари бўлажак саммитга тайёргарлик кўриш ва ТДТ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, ҳамкорликнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва стратегик аҳамиятга эга ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Рақамли трансформация ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриш ҳам алоҳида муҳокама мавзуси бўлди.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда туркий давлатларнинг бирлиги, ўзаро ишончи ва ҳамжиҳатлиги минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим омиллари бўлиб қолмоқда.