Иқтисод

Фарғона вилояти делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш учун Беларусга борди

Фарғона вилояти делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш учун Беларусга борди
Фарғона вилояти делегацияси ҳамкорликни ривожлантириш учун Беларусга борди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ишчи ташриф билан Беларусга борди.

Ташриф дастуридан Беларус давлат идоралари ва расмий доиралари вакиллари билан учрашувлар, йирик компаниялар раҳбарлари билан музокаралар, бизнес-форум ҳамда B2B форматида икки томонлама учрашувлар ўтказиш ўрин олган.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари, савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти делегацияси Беларуснинг йирик корхоналари, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар соҳасида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш объектлари иши билан танишади.

Тажриба алмашинуви икки мамлакат минтақалари ўртасида амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш имконини бериши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.