Ўзбекистон

Ўзбекистон иқлим ўзгаришига мослашиш учун 103,7 млн евро олади

Ўзбекистон иқлим ўзгаришига мослашиш учун 103,7 млн евро олади
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига мослашиш учун 103,7 млн евро олади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон экотизимларни тиклаш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашишга қаратилган «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар» (CLiCA) минтақавий дастури доирасида 103,7 млн евро олади. Дастурнинг умумий қиймати 264,4 млн еврони ташкил этади.

Дастур Яшил иқлим жамғармаси (Green Climate Fund, GCF) Кенгаши томонидан маъқулланди. У Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ўзбекистон томонидан дастур ишларини Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази мувофиқлаштирган.

Ўзбекистонга ажратиладиган маблағларни ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий этиш ҳамда фермерларнинг иқлим хавфларига мослашиш учун молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтириш режалаштирилган.

Кутилаётган натижаларга кўра, дастур Ўзбекистондаги 342 минг нафар аҳолининг иқлим хавфларига чидамлилигини оширишга хизмат қилади. Уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади. Ўрмонлар, яйловлар ва қишлоқ хўжалиги ерларининг 164 минг гектарида иқлим ўзгаришига чидамли бошқарув усулларини жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва уларнинг ютилишини ошириш орқали CO₂ эквивалентида 1,07 млн тонна натижага эришиш кутилмоқда.

CLiCA дастури Марказий Осиё мамлакатларининг умумий иқлим ва экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган. Унинг устувор йўналишлари табиий экотизимларни сақлаш, ер ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига энг заиф маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.

GIZ маълум қилишича, дастурнинг маъқулланиши минтақа жамоалари ва ландшафтларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ташкилот Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳамкорлари билан биргаликда аҳоли ва атроф-муҳит учун узоқ муддатли натижаларга эришишни мақсад қилган.

CLiCA дастурини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқлим соҳасидаги устувор вазифалари, жумладан, деградацияга учраган ерларни тиклаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.