Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда давлат харидлари ҳажми 281,8 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу даврда жами 1 595 842 та битим тузилган. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.
Рақобатли усуллар орқали амалга оширилган харидлар ҳажми 170,5 трлн сўмга тенг бўлди. Ўтказилган харид тартиб-таомиллари натижасида 12,1 трлн сўм маблағ тежалди.
Ҳудудлар кесимида давлат харидларининг энг катта ҳажми Тошкент шаҳрида қайд этилди — 111,2 трлн сўм. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 50,3 трлн сўмни, Тошкент вилоятида эса 28,8 трлн сўмни ташкил қилди.
Вазирликлар орасида харидлар ҳажми бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги етакчилик қилди. Вазирликнинг давлат харидлари 18,8 трлн сўмга етди.
Кейинги ўринларда 14,2 трлн сўмлик харидлар билан Транспорт вазирлиги ва 10,7 трлн сўмлик харидлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд этилди.
Йирик давлат корхоналари орасида энг катта харидлар ҳажми Навоий кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келди — 33,7 трлн сўм.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ушбу кўрсаткич 13,2 трлн сўмни, Uzbekistan Airways компаниясида 10,5 трлн сўмни, «Навоийуран» давлат корхонасида эса 8 трлн сўмни ташкил этди.