Технологиялар

Ўзбекистонда 20 та стартапни қўллаб-қувватлаш учун танлов эълон қилинди

Ўзбекистонда 20 та стартапни қўллаб-қувватлаш учун танлов эълон қилинди
Ўзбекистонда 20 та стартапни қўллаб-қувватлаш учун танлов эълон қилинди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда истиқболли 20 та технологик стартапни саралаб олиш учун очиқ танлов эълон қилинди. Танланган лойиҳалар бизнесни ривожлантириш, инвестиция жалб қилишга тайёргарлик кўриш ва халқаро бозорларга чиқиш бўйича босқичма-босқич қўллаб-қувватланади.

Дастур Жаҳон банки иштирокида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан «Молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, ривожланиш ва янги иш ўринларини яратиш — FINGROW» дастурини тайёрлаш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Саралаб олинган лойиҳаларга бизнесни позициялашни такомиллаштириш, бозор стратегиясини ишлаб чиқиш, инвестиция жалб қилишга тайёргарлик кўриш, масштаблаш салоҳиятини ривожлантириш ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган менторлик ва амалий ёрдам кўрсатилади.

Иштирокчилар StartupBlink асосчиси ва бош директори Эли Давид Роках билан бевосита ишлаш имкониятига эга бўлади. StartupBlink стартап экотизимларини ўрганувчи глобал тадқиқот маркази сифатида фаолият юритади ҳамда 150 дан ортиқ ҳукумат ва етакчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Эли Роках ўн йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланган ва 120 дан ортиқ мамлакатдаги стартап экотизимлари билан ишлаган. StartupBlink тадқиқотларидан ҳукуматлар, инвесторлар, йирик компаниялар ва стартап асосчилари фойдаланади.

Дастурда иштирок этиш стартап асосчиларига глобал компанияларни ташкил этиш, корпоратив ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, бизнесни халқаро бозорларда позициялаш ҳамда ўсишни бошқариш масалалари бўйича амалий тажриба орттириш имконини беради.

Танловда Ўзбекистонда саноат ва ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилган технологик стартап лойиҳалари иштирок этиши мумкин. Ариза берувчилар менторлик даврида фаол иштирок этишга тайёр бўлиши керак.

Ташкилотчилар дастурда самарали иштирок этиш учун инглиз тилини етарли даражада билиш мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидлаган.

Саралаб олинган стартаплар учун дастурда иштирок этиш бепул ҳисобланади.

Аризалар 2026 йил 14 октябрга қадар қабул қилинади. Улар дастур йўналишига лойиҳанинг мувофиқлиги, инвестиция жалб қилишга тайёрлиги, инновацион салоҳияти, масштаблаш имкониятлари ва бозор салоҳияти, муаммонинг таклиф этилаётган ечимга мувофиқлиги, шунингдек, иштирокчининг ҳудуди каби шаффоф мезонлар асосида баҳоланади.

Мазкур қўллаб-қувватлаш дастурида иштирок этиш учун аризани ушбу ҳавола орқали топшириш мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.