Молия

Ўзбекистон ва ИҲТ солиқ маълумотларини алмашишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ИҲТ солиқ маълумотларини алмашишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ИҲТ солиқ маълумотларини алмашишни муҳокама қилди / Фото: Солиқ қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси ишчи миссия доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТ) шаффофлик ва солиқ мақсадларида ахборот алмашиш бўйича Глобал форуми Котибияти вакиллари билан учрашув ўтказди. Томонлар солиқ маълумотларини халқаро алмашишни янада ривожлантириш ва тегишли механизмларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда асосий эътибор Криптоактивлар бўйича ҳисобот бериш тизими (Crypto-Asset Reporting Framework, CARF) доирасида аҳамиятга эга юрисдикцияларни аниқлаш жараёни, шунингдек, CARF гуруҳи томонидан Ўзбекистоннинг баҳолаш натижаларига қаратилди.

Томонлар ушбу йўналишдаги кейинги қадамларни, жумладан, қўшимча маълумотларни тақдим этиш ва Глобал форум Котибияти билан ҳамкорликни давом эттириш масалаларини кўриб чиқди.

Солиқ ишлари бўйича ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисидаги конвенция (MAC)ни амалий қўллашни бошлаш учун зарур бўлган тартиб-таомилларни жадаллаштириш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, молиявий ҳисобварақлар тўғрисидаги маълумотларни автоматик равишда алмашишни назарда тутувчи Ҳисобот беришнинг умумий стандартини (Common Reporting Standard, CRS) жорий этиш бўйича ишларни бошлаш истиқболларини кўриб чиқди.

Музокаралар давомида томонлар зарур тайёргарлик чоралари, кейинги ҳаракатлар кетма-кетлиги ва солиқ маълумотларини халқаро автоматик алмашиш механизмларини жорий этишнинг эҳтимолий муддатларини муҳокама қилди.

Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон ва Глобал форум Котибияти юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.