Технологиялар

Delta Y Андижон ҳокимлигига маълумотлар асосида қарор қабул қилишда ёрдам беради

Delta Y Андижон ҳокимлигига маълумотлар асосида қарор қабул қилишда ёрдам беради
Delta Y Андижон ҳокимлигига маълумотлар асосида қарор қабул қилишда ёрдам беради Чапдан ўнгга: Мартим Оливейра ва Тиаго Нето / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маълумотлар ва сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи халқаро Delta Y компанияси Андижон ҳокимлиги учун ходимларга ҳисоботлар тайёрлаш ва қарорларни аниқроқ режалаштиришда ёрдам берадиган маълумотлар платформасини яратди. Лойиҳа ҳақида UzDaily.uz сайтига ICT Week Uzbekistan 2026 кўргазмаси доирасида Delta Y ҳаммуассиси Тиаго Нето ва институционал алоқалар бўйича раҳбар Мартим Оливейра сўзлаб берди.

Платформа компаниянинг Ўзбекистондаги биринчи синов лойиҳаси бўлди. Унинг очиқ версияси ягона интерфейсда миллий ва ҳудудий статистика органлари, Ўзбекистон Марказий банки ҳамда давлат порталларининг маълумотларини бирлаштиради.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, ҳокимларнинг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари ҳисоботлар тайёрлаш ва тавсияларни ўрганиш учун платформадан фойдаланади. Платформа моделлари, масалан, янги шифохоналарни қаерда очиш кераклигини ҳисоблаб бериши мумкин. Бунда аҳолининг имкон қадар катта қисми энг яқин шифохонага 15 дақиқада пиёда етиб бориши кўзда тутилади.

Delta Y 2025 йилда Лиссабон шаҳрида ташкил этилган. Унинг уч нафар асосчиси аввал технологик стартаплар яратган. Компания Абу-Дабида тадқиқот лойиҳасини амалга оширмоқда, Португалияда ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилмоқда ва Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги хаби сифатида танлаган.

Тарқоқ маълумотлар

Delta Y ўзини мамлакатлар ва шаҳарларнинг маълумотлар соҳасидаги энг мураккаб вазифаларини ҳал қилувчи компания сифатида позициялайди. Мартим Оливейранинг айтишича, жамоа хусусий сектордан, жумладан, финтех-«якка шох»лар, киберхавфсизлик соҳасидаги компаниялар ва йирик консалтинг фирмаларидан келган. У ерда ишлаган вақтида жамоа аъзолари дунёдаги энг йирик компаниялар давлат институтлари, одатда, рақобатлаша олмайдиган даражада чуқур таҳлил имкониятларига эга эканини кўрган.

«Биз Осиё, Европа ва Америкадаги давлат вакиллари билан мулоқот қиламиз ва миллий ҳамда минтақавий даражадаги институтларда кўпинча улар аллақачон эга бўлган маълумотлар ҳақида етарлича тушунча йўқлигини кўрамиз. Биз мавжуд барча ахборот, шунингдек, ҳали олиниши керак бўлган маълумотлар асосида энг мақбул қарорларни, ҳатто математик маънода ҳам, қабул қилишга интилаётган иқтисодиётлар ва жамиятлар учун маълумотлар бўйича ҳамкор бўлишни истаймиз», — деди Мартим Оливейра.

Унинг сўзларига кўра, компания ишлаган барча жойларда муаммо ўхшаш кўринишга эга. Ҳар куни миллионлаб янги кўрсаткичлар қайд этилади, аммо улар турли идора ва муассасаларда ҳамда турли форматларда сақланади.

«Ҳукуматлар ушбу маълумотлардан ягона манзарани шакллантириши қийин — бу нафақат катта техник ишни талаб қилгани, балки бундай экотизимлар алоҳида компанияга қараганда анча мураккаб бўлгани учун ҳам шундай. Натижада қарорлар оптимал даражада қабул қилинмайди, кўпинча жамоатчилик кайфиятига жавоб тариқасида қарорлар қабул қилинади. Чоралар профилактик эмас, кўпроқ тузатувчи характерга эга бўлади, чунки қарор қабул қилувчилар вазиятнинг тўлиқ манзарасини кўрмайди», — таъкидлади Оливейра.

Delta Y ечими шаҳар иқтисодиёти, демографияси ва ижтимоий соҳаси ҳамда уларнинг таркибий қисмлари ўзаро қандай таъсир қилишининг ягона тасаввурини, шунингдек, шу асосда яратилган воситаларни тақдим этади. Оливейранинг сўзларига кўра, улар ёрдамида маъмурият, масалан, солиқ имтиёзи бандлик, аҳоли фаровонлиги ёки уй хўжаликларининг харажатлари ва жамғармаларига қандай таъсир қилишини моделлаштириши мумкин.

Хом маълумотлардан қарорларгача уч босқич

Delta Y ҳаммуассиси Тиаго Нето ҳар бир янги лойиҳа бир хил уч босқичдан ўтишини айтди. Биринчи босқич — мавжуд маълумотлар харитасини тузиш. Ушбу босқичда компания ҳали фойдаланилмаган янги ахборот манбаларини таклиф қилиши ёки тез натижа берадиган ечимларга ишора қилиши мумкин.

Иккинчи босқич — тарқоқ маълумотлар массивларини бирлаштириш ва маълумотларни стандартлаштириш. «Агар улар асосида қандайдир таҳлил қурмоқчи бўлсангиз, бу мажбурий шарт», — деди Нето.

Учинчи босқич — бевосита таҳлилий қатлам: давлат сиёсатини моделлаштириш муҳити, статистик сунъий интеллект-таҳлилчиси, ГИС-таҳлил, реал вақт режимидаги дашбордлар ва муайян вазифага мослаштирилган бошқа воситалар.

Андижон платформаси нималарни уддалайди

Оливейра Андижон вилояти маъмурияти ўрганаётган иккита асосий сценарийни таърифлади. Биринчиси — ҳисоботлар тайёрлаш. Маъмурият ва IT Park ходимлари мунтазам равишда, масалан, таълимдаги тенденциялар, битирувчилар сони ёки мактабгача таълим билан қамров ҳақида ҳисоботлар тайёрлайди.

«Фойдаланувчи сунъий интеллектдан ўзига керакли ҳисоботни тайёрлашни сўрайди. Бу ерда қиймат унинг асосида турган маълумотларда: бизнинг моделларимиз муайян ҳудуд маълумотларига мослаштирилган, шунинг учун аниқ рақамларни тақдим этади ва динамик визуализацияларни яратади», — деди Мартим Оливейра.

Тайёр ҳисобот матн, графиклар, хулосалар, кейинги қадамлар ва таклифларни ўз ичига олади. Уни таҳрирлаш ва экспорт қилиш мумкин.

Иккинчи сценарий математик оптималлаштиришга асосланган. «Айтайлик, шаҳарда соғлиқни сақлаш соҳасида муаммо бор ва маъмурият иккита янги поликлиника очмоқчи. Уларни аҳолининг энг катта қисми поликлиникага 15 дақиқада пиёда етиб бора оладиган жойда жойлаштириш учун сунъий интеллектдан қаерга қуриш кераклигини сўраш мумкин», — дея тушунтирди Оливейра.

Шундан сўнг тизим оптималлаштириш моделини ишга туширади ва аниқ координаталарни ҳисоблаб чиқади.

Оливейранинг сўзларига кўра, ҳозирча платформанинг асосий фойдаланувчилари ҳокимларнинг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари ҳисобланади. Delta Y вилоят ҳокимлиги, ҳоким маслаҳатчиси Зиёдулла Саматов ва Андижондаги IT Park раҳбари билан ҳудуднинг ягона тасаввурини шакллантириш ҳамда унинг яқин йилларда қандай бўлиши мумкинлигини белгилаш устида ишламоқда.

Бизнес ва инвесторлар учун маълумотлар

Платформада бизнес ҳақидаги бўлим ҳам мавжуд. Унда сўнгги бир йилда қанча компания рўйхатдан ўтгани ва улар тармоқлар бўйича қандай тақсимлангани кўрсатилади. Фойдаланувчилар сунъий интеллектдан қайси тармоқлар энг тез ўсгани ва янги иш ўринлари бандлик ҳамда ишсизлик даражаси, шунингдек, ҳудуднинг демографик тузилмаси билан қандай нисбатда эканини сўрашлари мумкин.

Компания платформани инвесторларни ҳам ҳисобга олган ҳолда яратган. «Инвестиция киритиш учун мамлакат ёки ҳудуд танлаётган инвестор, аввало, шаффофлик ва тушунарли маълумотларни хоҳлайди. Биз ҳамкорлик қилаётган иқтисодиётлар бу ерда устунликка эга бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», — деди Оливейра.

Тиаго Нето Delta Y компаниясида бундай тажриба аллақачон мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистондан ташқаридаги шаҳарлардан бири учун компания инвестиция асосномасини тайёрлашда ёрдам берган ва бу тахминан 200 миллион доллар жалб қилиш имконини берган.

«Ўзбекистон ҳолатида траектория аллақачон белгиланган. Бизни бу ерга рақамларнинг ўзи олиб келди: иқтисодий ўсиш, аҳоли сонининг ўсиши, юқори салоҳиятли кадрлар», — деди у.

Маълумотлар қаерда сақланади

Delta Y платформанинг очиқ версиясида кўрсатиладиган оммавий маълумотлар ва фақат авторизациядан сўнг вилоят маъмурияти учун очиладиган ёпиқ маълумотларни ажратади.

«Биз ечимларни мижознинг ўз инфратузилмасида жойлаштирамиз ва маълумотлар мижоз учун муҳим бўлган чегаралардан ташқарига ҳеч қачон чиқмаслигини таъминлаймиз. Агар биз бирор мамлакат билан ишласак, маълумотлар ўша мамлакатда қолади: сақлаш, ҳисоблаш жараёнлари ва ҳатто сунъий интеллект моделлари ҳам мижознинг хоҳишига мувофиқ маҳаллий даражада жойлаштирилиши мумкин», — дея тушунтирди Нето.

Ўзбекистоннинг маълумотларни локализация қилиш талаблари ҳақидаги саволга Нето компания ушбу талабларга риоя қилишини айтди. Оливейра Delta Y тартибга солиш масалалари бўйича маҳаллий юридик фирма билан маслаҳатлашганини қўшимча қилди.

Сунъий интеллект жавоблари қандай текширилади

Мартим Оливейранинг сўзларига кўра, аниқлик компаниянинг асосий эътибор қаратаётган масалаларидан биридир.

«Тил моделлари стохастик, детерминистик эмас. Шунинг учун бизнинг вазифамиз уларнинг объективлигини имкон қадар ошириш ва субъективликни минимал даражага тушириш», — деди у.

Ҳар бир жавобда манбага, масалан, Миллий статистика қўмитасининг муайян маълумотлар тўпламига ҳавола мавжуд. Шунинг учун фойдаланувчилар уни бевосита дастлабки маълумотлар билан солиштириб кўришлари мумкин.

Тиаго Нето компания маълумотлар сифатини тестдан ўтказиш ва текширишга кўп вақт ажратишини айтди. Delta Y кўпинча фойдаланувчиларга бир хил саволни ўз платформасида ва ChatGPT ёки Claude каби универсал чат-ботларда беришни таклиф қилади.

Унинг сўзларига кўра, одамлар кўпинча натижалардаги фарқдан ҳайрон қолади, чат-ботлар эса баъзан маълумот етишмаслиги сабабли жавоб беришдан бош тортади.

Аввало —синов лойиҳа

Оливейранинг маълум қилишича, компания жорий йил бошидан Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйган.

«Биз ёш компаниямиз. Техник имкониятларимизга ишонамиз, аммо давлат даражасида ишлаш катта ишончни талаб қилишини тан олиш учун етарлича камтармиз», — деди у.

Шунинг учун янги мамлакатдаги биринчи лойиҳа одатда аниқ вазифани чекланган муддатларда ва минимал хатарлар билан ҳал қилишга қаратилган бўлади. Бу Delta Y компаниясига ўзини ишончли ҳамкор сифатида намоён этиш имконини беради.

Delta Y бошқа ҳудудлар, вазирликлар ва хусусий компаниялар билан ҳам ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилмоқда. Оливейранинг сўзларига кўра, ICT Week кўргазмасида компания стендига бир нечта ҳокимликларнинг ҳоким ўринбосарлари ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари ташриф буюрган.

«Биз маҳсулотлар эмас, ечимлар яратамиз. Delta Y — графикнинг вертикал ўқи бўйича ўзгаришни англатувчи математик атама. Биз мижозларга айнан шуни беришни истаймиз: ўлчанадиган ўзгаришлар», — деди Нето.

Нега Ўзбекистон

Мартим Оливейранинг айтишича, компаниянинг Ўзбекистонга қизиқиши Миллий статистика қўмитаси раиси ва Жаҳон банки вакиллари аҳолини миллий рўйхатга олиш масаласини муҳокама қилган видеоконференциядан сўнг пайдо бўлган.

Компания рўйхатга олиш жараёнида, шунингдек, ер участкалари ва қишлоқ хўжалиги майдонларини хариталашда ГИС воситаларидан фойдаланилгани, шунингдек, йиғилаётган макроиқтисодий ва микроиқтисодий маълумотларнинг чуқурлигига қизиқиш билдирган.

«Сўнгги йилларда иқтисодиёт йилига 6–8 фоизга ўсмоқда. Аҳолининг қарийб 60 фоизи 30 ёшдан кичик, ўртача ёш 29 ёшни ташкил этади. Биз Ўзбекистон Марказий Осиёдаги навбатдаги йирик муваффақият ҳикоясига айланиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», — деди Оливейра.

Кадрлар ва инфратузилма

Мартим Оливейранинг сўзларига кўра, ҳукумат соҳа ривожининг иккита асосий йўналишига — жисмоний инфратузилма ва кадрларга эътибор қаратмоқда.

У бир нечта ҳудудларда, жумладан, Қорақалпоғистонда маълумотларни қайта ишлаш марказлари барпо этилаётганини таъкидлади ва «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» дастурини тилга олди.

Нето компания стендига ташриф буюрган муҳандислар ва таҳлилчилар унда катта таассурот қолдирганини айтди.

«Биз уларнинг кўпчилигини ишга олишимизга ишонамиз. Улар маҳаллий контекстни билади, маҳаллий тилда гапиради ва кучли муҳандислар ҳисобланади», — деди у.

Ҳоким учун брифинг тайёрлайдиган сунъий интеллект

Ҳоким ҳар куни эрталаб биринчи навбатда нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақидаги саволга Оливейра ўтган кун бўйича қисқача маълумот ва яқиндаги устувор вазифаларга қараш кераклигини айтди.

Тиаго Нето келажакда инсон ва сунъий интеллектнинг роли ўзгариши мумкин, деб ҳисоблайди.

«Ҳозиргача сунъий интеллект парадигмаси инсонларнинг сунъий интеллект билан ўзаро муносабатига асосланган: одамлар промпт ёзади ва савол беради. Биз буни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдамиз, токи сунъий интеллектнинг ўзи одамларга кўрсатмалар берсин. Раҳбар уйғонганида сунъий интеллект аллақачон ҳисоботларни тайёрлаб, муҳим жиҳатларни ажратиб берган бўлади», — деди у.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.