Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россияда Миграция агентлиги ваколатхонаси «Инсити Логистика» МЧЖда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатлари олиб қўйилгани ва иш ҳақи тўланиши кечиктирилаётгани ҳақидаги мурожаатидан сўнг уларга ёрдам кўрсатди.
Мурожаат 28 сентябрь куни келиб тушган. Шундан сўнг ваколатхона ходимлари воқеа жойига бориб, иш берувчи билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Миграция агентлиги ваколатхонаси хабар берди.
Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатлари қайтарилди. Иш берувчи, шунингдек, иш ҳақи бўйича қарздорликни 48 соат ичида қоплаш мажбуриятини олди.
Ваколатхона маълум қилишича, вазият назоратда қолмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари ишга жойлашиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича сутка давомида фаолият юритувчи колл-марказга +7 (495) 803-40-00 рақами орқали ёки ишонч телефонига +7 (925) 045-47-44 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.