Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилда Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида 100 та санитария-гигиена шохобчаси, яъни жамоат ҳожатхонаси очилади. Тегишли қарорни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков 2026 йил 5 октябрда имзолади (№ 501-14-0-Q/26).
Шохобчалар замонавий лойиҳалар асосида ва соддалаштирилган тартибда барпо этилади. Улар марказий ва сайёҳлик кўчалари, хиёбонлар, шунингдек, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюрадиган объектлар яқинида жойлаштирилади.
Шохобчаларни ташкил этиш 2026 йил 27 июлдаги «2026–2027 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-279-сон Президент қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, шохобчаларни жойлаштириш учун зарур бўлган топографик ишларга 140,4 млн сўм ажратилади. Маблағлар ҳокимлик ҳузуридаги Тошкент шаҳарни ривожлантириш жамғармасидан йўналтирилади. Ушбу маблағларни қурилишда муҳандислик изланишлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри бўйича илмий-тадқиқот лойиҳа институти МЧЖ олади.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари Д. Худайбергенов ва А. Шовкатовга, шунингдек, Б. Шакиров раҳбарлигидаги «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖга «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ кузатув кенгашига тегишли таклиф киритиш топширилди.
«Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ маблағларни мақсадли сарфлаш учун масъул ҳисобланади.