Иқтисод

Ўзбекистон ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Ёсимаса Уно ва Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов 6 октябрь куни икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув савдо-иқтисодий, инфратузилмавий ва инновацион йўналишлар, шунингдек, ҳамкорликнинг янги соҳаларига бағишланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Музокараларда Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кенжи Хирата ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиб, амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди.

2025 йил декабрь ойида бўлиб ўтган биринчи «Марказий Осиё + Япония» саммитида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларга алоҳида эътибор қаратилди.

Япония томони «Эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани минтақаси» (FOIP) концепцияси ҳақида маълумот тақдим этди. Мазкур концепция Япония томонидан 2016 йилда илгари сурилган бўлиб, 2026 йил май ойида Япония Бош вазири Санаэ Такаити унинг янгиланган версияси — FOIP 3.0 ни тақдим этди.

Янгиланган концепциянинг устувор йўналишлари қаторида сунъий интеллект даври иқтисодий инфратузилмасини ривожлантириш, энергия ва муҳим хомашё таъминоти занжирларининг барқарорлигини таъминлаш, давлат-хусусий шериклик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик белгиланган.

Учрашув давомида «яшил» энергетика, энергия самарадорлигини ошириш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатдорлик уйғотувчи устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасидаги амалий алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.