Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 октябрь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон–Россия ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 13-қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудий савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Йиғилишни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Одилхон Рустамов ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Фёдор Дегтярёв олиб борди.
Тадбир очилишида Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Владимир Ильичёв, Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко ва Фарғона вилояти Инвестициялар ва енгил саноат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Акрамов табрик нутқи билан сўзга чиқди.
Учрашув давомида икки мамлакат тадбиркорлари тўқимачилик саноати, агросаноат мажмуаси, логистика, роботлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги лойиҳаларини тақдим этди. Иштирокчилар, шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига олиб чиқиш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокараларнинг алоҳида қисми хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишланди. «Шарқ аёли» халқаро жамоат фонди ва «Бизнесдаги аёллар» Умумроссия жамоат ташкилоти вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, ушбу соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича эришилган келишувлар қатор ҳужжатлар билан мустаҳкамланди.
Жумладан, «Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш федерал корпорацияси» АЖ, Россия-Ўзбекистон Деловой кенгаши ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона ҳудудий бошқармаси, Тюмень вилояти Савдо-саноат палатаси ҳамда Жанубий Урал Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандумлари тузилди.
Эришилган келишувлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.