Технологиялар

MyID iBeta Level 2 халқаро тестидан муваффақиятли ўтди

MyID iBeta Level 2 халқаро тестидан муваффақиятли ўтди
MyID iBeta Level 2 халқаро тестидан муваффақиятли ўтди / Фото: Pixabay/IqbalStock.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — UZINFOCOM’нинг MyID биометрик верификация тизими Америкадаги iBeta Quality Assurance мустақил лабораториясининг ISO/IEC 30107-3 халқаро стандарти, Level 2 талабларига мувофиқлик бўйича тестидан муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда UZINFOCOM хабар берди.

Синовлар доирасида тизим сохта юз артефактларидан фойдаланган ҳолда шахсни алмаштиришга қаратилган турли уринишларга қанчалик бардошли экани текширилди. Тест натижаларига кўра, барча ҳужумлар муваффақиятли бартараф этилган, ҳақиқий фойдаланувчилар эса верификация жараёнидан ўтишда давом этган.

UZINFOCOM маълум қилишича, MyID Марказий Осиёда iBeta Level 2 тестидан муваффақиятли ўтган ўз ишланмасига асосланган ягона ечим бўлди. Компания маълумотларига кўра, мазкур натижа Ўзбекистонда ишлаб чиқилган биометрик технологиянинг халқаро талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди.

iBeta Quality Assurance — NIST/NVLAP томонидан аккредитациядан ўтган ва биометрик технологияларни синовдан ўтказишга ихтисослашган мустақил Америка лабораториясидир.

Бундай тестлар натижаларидан технологик компаниялар, молиявий ташкилотлар ва регуляторлар биометрик ечимларнинг ишончлилигини баҳолашда фойдаланади.

MyID учун iBeta Level 2 тестидан ўтиш тизимнинг биометрик верификация соҳасидаги халқаро талабларга мувофиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.