Технологиялар

«Ўзатoм» ва РАСН фан соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди

«Ўзатoм» ва РАСН фан соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди
«Ўзатoм» ва РАСН фан соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди / Фото: Uzatom.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзатoм» агентлиги ва Россия Фанга кўмаклашиш ассоциацияси (РАСН) фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Фото: Uzatom.

Ҳужжат икки мамлакат ташкилотлари ўртасида илмий ва илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Меморандумни «Ўзатoм» агентлиги директори Азим Аҳмедҳожиев ва РАСН Президиуми раиси, «Курчатов институти» Миллий тадқиқот маркази президенти Михаил Ковальчук имзолади.

Томонлар ўзаро манфаатдорлик уйғотадиган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Улар қаторига атом энергетикаси ва тинч мақсадларда қўлланиладиган ядровий технологияларда истиқболли илмий-технологик ечимларни тадқиқ этиш ва амалиётга жорий қилиш киради.

Замонавий тадқиқот инфратузилмасини, жумладан, «мегасайенс» тоифасидаги қурилмаларни яратиш ва улардан илмий мақсадларда фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.

Меморандум, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг манфаатдор ташкилотлари ўртасида илмий ҳамда илмий-техник алоқаларни кенгайтириш, фан, технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича тажриба ва ахборот алмашишни назарда тутади.

Яна бир йўналиш экспертлар мулоқоти, илмий дипломатия ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлади.

«Ўзатoм»да таъкидланишича, келишув атом соҳасини мамлакатнинг технологик, саноат ва илмий тараққиётининг йўналишларидан бири сифатида ривожлантириш курсининг мақсадларига мос келади. Вазирлик, шунингдек, атом технологияларидан тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илмий соҳада тинч мақсадларда фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.

Меморандумнинг имзоланиши «Ўзатoм» ва РАСНнинг истиқболли илмий ҳамда ядровий технологиялар соҳасидаги кейинги ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги илмий-технологик алоқаларни ривожлантириш учун асос яратади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.