Ўзбекистон

ФАО Бош директори Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказига ташриф буюрди

ФАО Бош директори Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказига ташриф буюрди
ФАО Бош директори Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказига ташриф буюрди / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Сюй Дунъюй Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюрди.

У Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан биргаликда университетнинг таълим ва илмий салоҳияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Ташриф давомида Сюй Дунъюй ва Иброҳим Абдураҳмонов университетнинг замонавий объектларини кўздан кечириб, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Жумладан, улар мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган лабораторияни кўриб чиқдилар.

ФАО Бош директори университет талабалари билан ҳам учрашди. Учрашув давомида у уларнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аграр соҳага оид фикр-мулоҳазалари ҳамда ташаббуслари билан танишди.

Ташрифнинг яна бир қисми университет ҳовлисида кўчатни биргаликда экиш бўлди. Иброҳим Абдураҳмонов ва Сюй Дунъюй ушбу ташаббусда иштирок этди. Ушбу тадбир илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалигининг рамзи сифатида тақдим этилди.

Бундан ташқари, Сюй Дунъюй ва унга ҳамроҳлик қилган вакиллар Геномика ва биоинформатика марказига ташриф буюрдилар.

Меҳмонлар бу ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва янги ишланмалар билан танишдилар.

ФАО раҳбарининг Тошкент давлат аграр университети ва Геномика ва биоинформатика марказига ташрифи Ўзбекистоннинг аграр таълим ва илм-фан соҳасидаги имкониятлари билан танишиш ҳамда мамлакатнинг ФАО билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга бағишланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.