Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истанбул шаҳрида жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди.
Ушланганлардан бири Ф.Ф.Н. 2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни (босқинчилик) содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган. Шу тариқа, уни қидириш қарийб тўққиз йил давом этган.
Иккинчи ушланган шахс А.М.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни (фирибгарлик) содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган.
Ушланганидан сўнг ҳар икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди.
Айни пайтда уларга нисбатан тегишли тергов ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Ушбу ушлашлар Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг халқаро қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги натижасида амалга оширилди.