Ўзбекистон ва Япония энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Япония энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Япония ишбилармонлик ҳамкорлиги қўмитаси – KEIDANREN раиси Ҳашимото Такеши бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М. Абдураҳмонов, шунингдек, “Shimizu Corporation”, “Sumitomo Corporation”, “Sojitz Corporation”, “Mizuho Bank”, “Mitsubishi Heavy Industries EMEA”, “Marubeni Corporation” ҳамда “ITOCHU Corporation вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18-20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг ўзаро муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорликка кучли суръат бағишлади. Хусусан, япон компанияларининг энергетика тармоғига, айниқса, қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларига киритаётган инвестициялари улуши сезиларли даражада ўсгани ва бу йўналишда кенг имкониятлар очилгани эътироф этилди.
Томонлар икки давлат ўртасида энергетика йўналишидаги кўп йиллик самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, истиқболдаги қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон энергетика соҳасида бугунги кунга қадар Япония компаниялари иштирокида умумий қиймати 5,6 млрд долларини ташкил этувчи 14 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирги кунда умумий қиймати 2,6 млрд доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда, шунингдек, умумий қиймати 7,7 млрд долларига тенг 7 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.
Мулоқот чоғида ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, магистраль электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни EPC+F модели асосида барпо этиш, газ транспорти тизимидаги компрессор станцияларини электрлаштириш орқали энергия самарадорлигини ошириш, яшил водород технологияларини ривожлантириш, электромобиллар зарядлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий техник стандартларни жорий этиш, энергия самарадорлиги соҳасида илғор япон тажрибасини татбиқ этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини энергия тизимига интеграция қилиш ҳамда замонавий энергия тизимларини бошқариш бўйича кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.