Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Сурия Ҳалабдаги савдо уйи орқали экспортни кенгайтиришни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 11:48 · 32 views
Ўзбекистон ва Сурия Ҳалабдаги савдо уйи орқали экспортни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Сурия Ҳалабдаги савдо уйи орқали экспортни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Палатанинг Суриядаги ҳамкори — Ҳалаб шаҳрида фаолият юритаётган Ўзбекистон–Сурия Савдо уйи ва дистрибуция маркази муассиси, «Kalash Trading Company Ltd» компанияси раҳбари Аҳмад Калаш билан учрашув ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ahmad Kalash Ltd» компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистон–Сурия Савдо уйи ва дистрибуция марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган эди.

Ўзбекистондан Ҳалабга транспорт йўналишида 1 та контейнерни етказиш тахминан 8-10 кун давом этади ва нархи ўртача 2-3 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон–Сурия Савдо уйи имкониятларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Сурия бозорига кенг олиб чиқиш, уларни Ҳалаб шаҳридаги дистрибуция маркази орқали жойлаштириш ва сотувини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Сурия бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳиятини ўрганиш, истиқболли маҳсулотларни саралаш ҳамда экспорт шартномаларини имзолаш мақсадида мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга ташрифлар ташкил этишга келишиб олинди.

Учрашув якунлари бўйича тадбиркорларни Ўзбекистон–Сурия Савдо уйи имкониятларидан фаол фойдаланишга жалб этиш, Савдо уйида маҳаллий маҳсулотлар экспозициясини кенгайтириш ва Сурия бозорига экспорт ҳажмини ошириш бўйича қўшма ишлар олиб борилиши белгиланди.

UzDaily таҳририяти · 👁 32 views · 24.06.2026 · 11:48