Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, қардош туркман халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Фаол сиёсий мулоқот ва самарали идоралараро алоқалар йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат ва энергетикада кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. "Шовот-Тошовуз" савдо зонаси қурилиши якунланмоқда. Ўзбекистонда Ҳудудлар форуми, кўргазма, Туркманистон маданияти ва киноси кунларини ўтказиш режалаштирилган.

Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Мулоқот сўнгида давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти ва халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан самимий табриклади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.