Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) ҳузида фаолият юритувчи «Туркия – Ўзбекистон» Ишбилармонлар кенгаши делегацияси билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Акмалжон Мамажонов ҳамда «Туркия – Ўзбекистон» Ишбилармонлар кенгаши раиси Озгюр Онур Озгювен иштирок этди.
Туркия делегацияси таркибидан банк соҳаси, қурилиш, энергетика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги ва саноат ускуналари ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ўрин олди.
Музокаралар давомида ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва DEİK ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор 29 ноябрь — 5 декабрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Янги Ўзбекистон — глобал имкониятлар чорраҳаси» халқаро форумида Туркия ишбилармон доиралари иштирокини таъминлаш масаласига қаратилди. DEİK вакиллари тадбирга Туркиядан кенг доирадаги тадбиркорларни жалб этишга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Бундан ташқари, томонлар «Туркия – Ўзбекистон» Ишбилармонлар кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг Анқара шаҳрида қўшма йиғилишини ўтказиш имкониятини муҳокама қилдилар. Ушбу учрашувни Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши доирасида ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.