Ўзбекистон ва SOCAR янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 27 август куни Озарбайжоннинг давлат нефт-газ компанияси SOCAR президенти Ровшан Нажаф билан онлайн музокаралар ўтказди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Музокараларда қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва янги инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
SOCAR — 1992 йилда ташкил этилган Озарбайжоннинг давлат нефт-газ компанияси. Компанияда 48 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. SOCAR халқаро бозорларда ҳам фаолият юритади.
Ўзбекистонда компания қарийб 2 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар ҳажмига эга бўлган углеводород ресурсларини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этмоқда.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва стратегик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.