Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 сентябрь куни Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Шерзод Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Озарбайжон Республикаси SOCAR компанияси президенти Ровшан Наджаф ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар энергетика ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Музокаралар жорий йил 23–24 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг учрашувлари давомида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, давлат раҳбарларининг дўстона ташаббусларини амалий натижаларга айлантиришга қаратилди. Иштирокчилар август ойидаги саммит якунлари бўйича имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлади.
SOCAR компанияси билан Ўзбекистонда автомобильларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантириш, шунингдек, Устюртдаги инвестиция блокларида геология-қидирув ишларининг бориши ва уларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, SOCAR ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда давлат раҳбарлари томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ нефтьни қайта ишлаш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, нефть хомашёси ва нефть маҳсулотларини импорт қилишни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Иштирокчилар мазкур йўналишлардаги лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва амалга ошириш суръатларини таҳлил қилди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни янада жадаллаштириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.