Иқтисод

Ўзбекистон ва Сербия аграр кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Сербия аграр кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ва Сербия аграр кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилади / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази Сербиянинг Kalem Voće Miladinović компанияси билан аграр соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва мевачиликка замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Учрашув давомида марказ ва компания вакиллари Сербиянинг мевали дарахтларни етиштириш ҳамда кўчатчиликни ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганиш имкониятларини муҳокама қилди.

Қишлоқ хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти тингловчилари учун ўқув курслари, амалий семинарлар ва тажриба алмашиш дастурларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар, шунингдек, сербиялик мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш ва хорижий тажрибаларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалаларини кўриб чиқди. Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши аграр соҳа ходимларининг малакасини оширишдан иборат бўлади.

Кутилишича, ҳамкорлик касбий таълим имкониятларини кенгайтириш, мутахассисларнинг амалий кўникмаларини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалигига инновацион ёндашувларни жорий этишни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Аграр таълим соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш кадрлар малакасини ошириш ва қишлоқ хўжалигини юритишнинг замонавий усулларини оммалаштириш воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.