Ўзбекистон

ISC Марказий Осиё ва Кавказ учун минтақавий офис очди

ISC Марказий Осиё ва Кавказ учун минтақавий офис очди
ISC Марказий Осиё ва Кавказ учун минтақавий офис очди / Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — InnoWeek-2026 халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Халқаро илмий кенгашнинг (International Science Council, ISC) Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун минтақавий офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.

Маросимда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов ва Халқаро илмий кенгашнинг бош ижрочи директори Сальваторе Арико иштирок этди.

Очилиш маросимида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари фанлар академиялари ҳамда илмий ташкилотлари вакиллари, шунингдек, халқаро тузилмалар вакиллари ҳам қатнашди.

Халқаро илмий кенгаш дунёнинг турли мамлакатларидаги 250 та илмий ташкилотни бирлаштирган нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Унинг аъзолари қаторига халқаро илмий иттифоқлар ва ассоциациялар, миллий фанлар академиялари ва тадқиқот кенгашлари, халқаро ва минтақавий федерациялар ҳамда жамиятлар, шунингдек, ёш олимлар академиялари ва ассоциациялари киради.

ISC 2018 йилда 1931 йилда ташкил этилган Халқаро фан кенгаши ва 1952 йилда ташкил этилган Халқаро ижтимоий фанлар кенгашининг бирлашиши натижасида тузилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.