Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Россия етакчилари икки томонлама кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

UzDaily · 24.03.2026 · 18:18 · 188 views
Ўзбекистон ва Россия етакчилари икки томонлама кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ва Россия етакчилари икки томонлама кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайди.

Саноат, энергетика, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолиятига юксак баҳо берилди.

Томонлар кооперациянинг янги шакл ва лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган “ИННОПРОМ Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

UzDaily · 👁 188 views · 24.03.2026 · 18:18