Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон ва Қувайт туризм ва авиақатновларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 12:25 · 30 views
Ўзбекистон ва Қувайт туризм ва авиақатновларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Қувайт туризм ва авиақатновларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов Қувайт Давлатининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Турки Холид Ҳамад ал-Микрад билан учрашди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Қувайт Давлати раҳбарлари ўртасидаги яқин ва ишончли муносабатлар икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди. 

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва замонавий туризм имкониятларини Қувайт бозорида кенг тарғиб қилиш юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, қувайтлик таниқли блогерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва туроператорлар иштирокида Ўзбекистон бўйлаб ахборот-танишув турини ташкил этиш таклиф қилинди. 

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қувайт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболлари, тоғ ва ов туризмини ривожлантириш, мазкур йўналишларда тажриба ва илғор амалиёт алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи қувайтлик сайёҳлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистонда 30 кундан ортиқ муддат бўладиган хорижий сайёҳларнинг мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида юзага келаётган айрим ноқулайликларни бартараф этиш, ушбу тартибни соддалаштириш ҳамда масалани ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Учрашув якунида тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш масаласини манфаатдор идоралар ва авиакомпаниялар билан биргаликда ишлаб чиқиш, тоғ ва ов туризми йўналишларида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро туристик оқимни оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.