Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

MICE тадбирлари ташкилотчиларига ҚҚСнинг 50% қайтарилади

UzDaily таҳририяти · 11.07.2026 · 09:40 · 25 views
MICE тадбирлари ташкилотчиларига ҚҚСнинг 50% қайтарилади

MICE тадбирлари ташкилотчиларига ҚҚСнинг 50% қайтарилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан республика ҳудудида ишбилармонлик туризми (MICE-туризм) тадбирларини ташкил этувчи тадбиркорларга республика бюджетига амалда тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасининг 50 фоизини қайтариш тартиби тасдиқланди.

Ҳужжат Президентнинг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, хорижий туристлар оқимини кўпайтиришга қаратилган.

ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш ҳуқуқига лицензияга эга бўлган ва MICE тадбирида камида 100 нафар хорижий турист иштирокини таъминлаган туроператорлар эга бўлади.

Бундай тадбирларга учрашувлар, рағбатлантирувчи сафарлар, конференциялар, кўргазмалар ҳамда ушбу йўналишга оид бошқа ишбилармонлик тадбирлари киради. Мазкур тартиб аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилиши натижасида юзага келган ортиқча тўланган солиқ суммаларига нисбатан қўлланилмайди.

Тасдиқланган низом ташкилотчиларга қўйиладиган талаблар, мурожаат қилиш тартиби ва тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, қайтариладиган маблағни ҳисоблаш механизми ҳамда уни республика бюджети ҳисобидан тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказиш тартибини белгилайди.

Қайтариш маблағини олиш учун тадбиркор тадбир якунланган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмасдан Туризм қўмитасига Миллий ягона туризм платформаси орқали мурожаат қилиши лозим.

Мурожаатга тадбир ҳақидаги маълумотлар ва унинг дастури, ташкилий харажатлар сметаси, мавжуд бўлганда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат-касса машиналари чеклари, банк тўлов ҳужжатлари, шунингдек, хорижий иштирокчиларнинг Ўзбекистонга кириши ва мамлакатдан чиқиши ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган рўйхат илова қилинади.

Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган мурожаатлар кўриб чиқилмайди. Ҳар бир тадбир бўйича фақат битта мурожаатга рухсат этилади.

Туризм қўмитаси ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқади ва низом талабларига риоя этилгани ҳақида электрон хулоса тайёрлаб, уни Солиқ қўмитасига юборади.

ҚҚС бўйича ҳисобот топширилгандан кейин, аммо уни тақдим этган санадан эътиборан уч ойдан кечиктирмасдан тадбиркор Soliq мобил иловаси ёки солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали орқали тўланган солиқнинг ярмини қайтариш ҳақида мурожаат юборади.

Мурожаат давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинган Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган дастури томонидан кўриб чиқилади.

Дастур низом талабларига риоя этилганини, Туризм қўмитасининг электрон хулосаси мавжудлигини, бюджетга амалда тўланган солиқ суммасини ҳамда тадбирни ташкил этиш билан бевосита боғлиқ товар ва хизматлар бўйича ҳисобга олинган ҚҚС суммаларини текширади.

Қайтариладиган маблағ ҳисобланган икки қийматдан энг кичиги асосида белгиланади. Яъни қайтариладиган сумма республика бюджетига амалда тўланган ҚҚСнинг 50 фоизидан ҳам, тадбирни ташкил этиш харажатлари бўйича ҳисобга олинган ҚҚСнинг 50 фоизидан ҳам ошмаслиги керак.

Бунда фақат тадбирни ташкил этиш таннархига киритилган ва Солиқ кодексига мувофиқ фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар таркибида тўланган ҚҚС қайтарилади.

Қайтаришни рад этиш учун низом талабларига риоя қилинмаганлиги, нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилганлиги, тадбир ўтказилгани ҳақида электрон хулосанинг мавжуд эмаслиги, мурожаат қилиш муддати бузилганлиги ёки солиқнинг бюджетга амалда тўланмаганлиги асос бўлади.

Нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда, маблағни қайтариш рад этилади, аввал қайтарилган маблағлар бюджетга ундирилади, айбдор шахслар эса қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади. Шунингдек, Солиқ қўмитаси хавф даражаси юқори бўлган мурожаатларни қўшимча текшириш ҳуқуқига эга.

Барча талаблар тўлиқ бажарилган тақдирда, маблағлар мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан кечиктирмасдан қайтарилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик ажратилган бюджет маблағлари доирасида уларни тадбиркорнинг банк ҳисобварағига автоматик тарзда ўтказади.

Агар тадбиркорнинг солиқлар, молиявий санкциялар ёки пенялар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, қайтариладиган маблағлар биринчи навбатда ушбу қарздорликни қоплашга йўналтирилади.