Ўзбекистон ва Қозоғистон: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Қозоғистон: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича форумида иштирок этиш учун 13 май куни Қозоғистон Республикасининг 5 нафар тажрибали мутахассис ва вакиллардан иборат делегацияси мамлакатимизга етиб келди.
Шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази биносида Марказ директори, академик Акмал Саидов Қозоғистон Республикаси делегацияси аъзолари билан учрашди. Мулоқот “Хитой – Марказий Осиё– 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича форум доирасида ташкил этилди.
Учрашув аввалида А. Саидов Қозоғистон делегациясини мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли конституциявий ислоҳот натижалари билан табриклади. Хусусан, Қозоғистоннинг янгиланган Асосий қонунида давлат бошқарувини модернизация қилиш, бир палатали парламентга (Қурултой) ўтиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилгани юқори баҳоланди.
Миллий марказ директори Ўзбекистоннинг 2023 йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони уч баробар ошганига эътиборни қаратди. Жумладан, «Миранда қоидалари» ва «Хабеас корпус» институтлари мустаҳкамлангани, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақоми белгилаб қўйилгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бошқа соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда икки мамлакат Президентларининг доимий ва самарали ҳамкорлик алоқалари намуна бўлаётгани эътироф этилди. Мамлакатларимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик юқори баҳоланди.
Қозоғистон делегацияси раҳбари – Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Алуа Надиркулова ўзаро мулоқот учун миннатдорчилик билдирар экан, мамлакатларимиз ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик изчил ривожланаётганидан мамнунлигини билдирди. Тошкентда бўлиб ўтадиган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича форумида муҳокама қилинадиган мавзуларнинг барчаси Қозоғистон учун ҳам муҳим, долзарб ва жуда аҳамиятли эканини маълум қилди.
Мулоқотда, шунингдек, Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлари вакиллари, эксперт-тадқиқотчилар ва жамоат арбоблари ҳам ўз фикрларини билдирди. Учрашув давомида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор амалий таклифларни кўриб чиқдилар. Жумладан, аёллар ҳуқуқларини кучайтириш мақсадида икки томонлама форум ва тренинглар ташкил этиш ҳақида фикрлашилди. Шунингдек, Самарқандда 2026 йилда ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи форумда Қозоғистон делегациясининг фаол иштирок этиши таклиф қилинди.
Учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида ягона минтақавий ҳамкорлик майдони шакллантиришга умумий интилиш мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади.