Ўзбекистон ва Корея Тошкент-Самарқанд юқори тезликдаги темир йўл лойиҳасини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Корея Тошкент-Самарқанд юқори тезликдаги темир йўл лойиҳасини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 10 июнь куни Корея Республикасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи Душаев Анвар ҳамда “Saman Corporation” компанияси ижрочи директори Ҳеэ-ёунг Леэ ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, Тошкент–Самарқанд янги юқори тезликдаги темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш жараёнлари юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) томонидан билдирилган қўшимча таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа бўйича якуний техник-иқтисодий асосни тақдим этиш муддатлари келишиб олинди.
Шунингдек, хорижий ҳамкор томонидан келгусида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш имкониятларини яратиш мақсадида «Тошкент–Андижон» ҳамда «Тошкент–Термиз» темир йўл линиялари лойиҳалари бўйича лойиҳа ечимларини экспертизадан ўтказиш ва техник маслаҳат хизматлари кўрсатиб келинаётгани қайд этилди.
Музокаралар якунида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилиниб, келгусида ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.