Ўзбекистон ва Индонезия зиёрат туризмида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Индонезия зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу йўналишда туристлар алмашинувини ривожлантириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда туроператорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш кўзда тутилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Индонезия Ҳаж ва Умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф билан учрашуви якунлари бўйича маълум бўлди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимини ошириш масаласи бўлди. Хусусан, томонлар Тошкент — Жакарта йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, Тошкентни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари билан боғлайдиган тўғридан-тўғри рейсларни ташкил этиш имкониятини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари давлат раҳбари томонидан таклиф этилган янги авиарейсларни субсидиялаш механизмларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқди. Бундан ташқари, Индонезиядан сайёҳларни жалб қиладиган маҳаллий туроператорларга жалб қилинган ҳар бир сайёҳ учун 100 доллар миқдорида субсидия бериш режалаштирилмоқда.
Индонезия бозори зиёрат туризмини ривожлантириш учун истиқболли йўналиш сифатида қаралмоқда. Ҳар йили Индонезиянинг 2 миллиондан ортиқ фуқароси ҳаж ва умра амалларини адо этади.
Ўзбекистонда зиёрат туризмига оид 1 200 дан ортиқ объект мавжуд. Улар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд мероси билан боғлиқ масканлар ҳам бор.
Индонезия вазирининг ташрифи доирасида Самарқанд ва Бухородаги зиёрат объектларига сафар ташкил этилди. Ташриф якунлари бўйича томонлар ушбу шаҳарларни Индонезия бозорида зиёрат туризми йўналишлари сифатида тарғиб қилиш, махсус туристик маршрутларни ишлаб чиқиш ҳамда икки мамлакатнинг ҳаж ва умра операторлари ўртасида B2B учрашувлар ўтказишга келишиб олди.
Ҳамкорликнинг амалий йўналишларидан яна бири Индонезиялик инвесторлар иштирокида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида беш юлдузли Hadith Hotel меҳмонхонасини ишга тушириш бўлади.
Томонлар, шунингдек, «Умра плюс» дастурини ривожлантириш, туроператорлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва зиёрат туризми инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда. Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг Индонезия туристик бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш ва мамлакатдан келадиган сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган.