Ўзбекистон ва Германия фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Германия фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 13 июнь куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Германия фармацевтика саноатининг етакчи ташкилотларидан бири — "German Association of Research-Based Pharmaceutical Companies" (vfa) бошқарувчи директори доктор Маттиас Меерганс ва Мюлльнер Ангела Маргарета билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш, инновацион дори воситаларини ишлаб чиқиш, клиник тадқиқотлар инфратузилмасини кенгайтириш, илм-фан ва таълим интеграциясини кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар фармацевтика соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга мос инновацион экотизимни шакллантириш ва Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, Германиянинг инновацион фармацевтика саноати тажрибаси, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига илғор ечимларни жорий этиш бўйича амалий ёндашувлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида фармацевтика, илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ўзаро тажриба алмашишни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.