Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Эрон халқаро ташувлардаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
Келишув Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ бошчилигидаги делегация билан музокаралари давомида эришилди.
Томонлар халқаро юк ташиш ҳажмини ошириш, транспорт харажатлари ва амалдаги йиғимларни қисқартириш, шунингдек, юкларни етказиб бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларда автомобиль ва темир йўл транспорти, авиация соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда янги транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Эрон денгиз портлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар халқаро ташувлар жараёнида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва транспорт компаниялари учун қулай шароитлар яратиш устида ишлашга келишиб олди. Шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун икки мамлакат транспорт вазирлари ўринбосарлари раҳбарлигида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилади.
Ишчи гуруҳ халқаро юк ташиш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш, мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш ва келишилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.