Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Эрон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

Ўзбекистон ва Эрон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар
Ўзбекистон ва Эрон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Эрон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар тилади.

Ўзбекистон етакчиси Яқин Шарқ минтақасида кескинлик давом этаётганидан жиддий ташвиш билдириб, айни пайтда вазминликни сақлаш ва мулоқотни қайта тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Телефон суҳбати давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Эрон етакчилари кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.