Ўзбекистон ва AD Ports Group логистика лойиҳаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва AD Ports Group логистика лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов AD Ports Group логистика кластери раиси Фарук Ал Зиер бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар савдо ва логистика соҳаларини рақамлаштириш, шунингдек, Ўзбекистонда замонавий транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, юк оқими шаффофлигини ошириш ҳамда божхона, транспорт, солиқ ва логистика жараёнларини ўзаро интеграция қилишга қаратилган рақамли платформани яратиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, томонлар қуруқликдаги портлар, логистика хаблари, эркин иқтисодий зоналар ва халқаро транспорт йўлаклари учун энг қулай жойларни белгилашда маълумотлар таҳлилидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистоннинг минтақавий савдо-логистика хаби сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар бўйича амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.