7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Acwa углерод бозорларини ривожлантиришга келишди

Ўзбекистон ва Acwa углерод бозорларини ривожлантиришга келишди
Ўзбекистон ва Acwa углерод бозорларини ривожлантиришга келишди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Acwa компанияси углерод бозорлари ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришнинг халқаро механизмлари соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 конференциясида имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Меморандумни Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Acwa компанияси асосчиси ва директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян имзолади.

Келишув Париж битимида назарда тутилган халқаро углерод бозори механизмларида компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари иштирок этиши имкониятларини ўрганишни назарда тутади.

Гап «Баш», «Жанкелди», «Қўнғирот» шамол энергетикаси лойиҳалари, жумладан, аккумулятор батареяларида энергияни сақлаш тизими, шунингдек, «Қоратов» лойиҳаси ҳақида бормоқда.

Томонлар ушбу лойиҳаларнинг Париж битими мезонларига мувофиқлигини баҳолаш, уларни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини ўрганишни режалаштирмоқда. Шунингдек, углерод кредитлари ва чиқиндиларни қисқартириш натижаларини ҳосил қилиш, узатиш ҳамда улардан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилади.

Келишувларнинг алоҳида йўналиши техник ва норматив-ҳуқуқий ҳамкорликка бағишланган. Углерод бозорлари соҳасида билим ва тажриба алмашиш, мониторинг, ҳисобот бериш ва верификация тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар шулар жумласидан.

Томонлар қайта тикланувчи энергетика объектлари ва энергетика инфратузилмасининг иқлим ўзгаришига бардошлилигини ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида.

Хусусан, шамол электр станциялари ва энергияни сақлаш тизимлари учун иқлим хавфларини баҳолаш бўйича ахборот алмашиш кўзда тутилган. Кўриб чиқиладиган омиллар қаторига ўта юқори ҳарорат, чанг ва қум бўронлари киради.

Бундан ташқари, энергетика объектларини ҳимоя қилиш учун иқлимга оид маълумотлар ва эрта огоҳлантириш тизимларини қўллаш имкониятлари ўрганилади.

Меморандум Ўзбекистоннинг халқаро иқлим ҳамкорлигидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда миллий иқлим мақсадларига эришиш учун қайта тикланувчи энергетика салоҳиятидан фойдаланиш механизмларини ривожлантиришга қаратилган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.