Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош консулхонаси Миграция агентлиги вакиллиги билан ҳамкорликда Россия жанубида меҳнат фаолияти давомида оғир жароҳат олган Д.У. исмли фуқарони Ватанига қайтаришга кўмаклашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида ватандошимиз бир нечта жароҳат олган ва минтақа тиббиёт муассасасига ётқизилган. У ерда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томони вакиллари фуқаронинг соғлиғи ҳолати ва даволовчи шифокорлар тавсияларини инобатга олган ҳолда, уни Ўзбекистонга олиб келиш масаласини ишлаб чиқди.
Тиббий эвакуацияни ташкил этиш учун Ўзбекистондан икки нафар тиббиёт мутахассиси етиб борди. Улар фуқарога парвоз давомида ҳамроҳлик қилди ва зарур тиббий кузатувни таъминлади.
Барча зарур ташкилий тадбирлар амалга оширилганидан сўнг жабрланган фуқаро етиб келган тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича авиарейс орқали Ватанига жўнатилди.