Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Агар инфляция барқарор равишда мақсадли 5 фоизлик даражагача секинлашса, Ўзбекистон Марказий банки 2027–2029 йилларда асосий ставкани босқичма-босқич 10 фоиздан пастга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 4 ноябрь куни регулятор раисининг ўринбосари Нодирбек Ачилов асосий ставка бўйича қарор ва келгуси уч йилга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Агар инфляция мақсадли даражагача пасайгани, инфляцион кутилмалар эса камайишда давом этаётгани ҳақида якуний хулосага келсак, пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари амал қиладиган даврда асосий ставкани бир хонали даражагача пасайтириш имконияти пайдо бўлиши мумкин», — деди Ачилов.
Регуляторда асосий ставкани пасайтириш бўйича олдиндан тасдиқланган жадвал мавжуд эмас. Марказий банк раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, пул-кредит сиёсатини юмшатиш бўйича қарорлар инфляциянинг амалдаги динамикаси, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари, шунингдек, иқтисодий хатарлар баҳосини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
Марказий банкнинг базавий сценарийсига кўра, 2027 йилнинг иккинчи ярмида инфляция мақсадли 5 фоизлик кўрсаткичга яқинлашади, 2028–2029 йилларда эса шу даража атрофида барқарорлашади. Сентябрь ойида 5,5 фоизни ташкил этган базавий инфляция 2027 йилда 4–5 фоизгача, кейинчалик эса тахминан 4 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Нархлар барқарорлашиши билан регулятор қатъий пул-кредит шароитларидан босқичма-босқич нейтрал шароитларга ўтишни режалаштирмоқда. Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, реал фоиз ставкаси 4–5 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда. Ачилов реал ставкалар ижобий даражада сақланиши кераклигини таъкидлади. Бу миллий валютадаги жамғармалар жозибадорлигини қўллаб-қувватлайди ва истеъмол талабининг ҳаддан ташқари ўсишини жиловлайди.
4 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Марказий банк бошқармаси иккита вариантни кўриб чиқди: асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ёки 13,5 фоизгача пасайтириш. Иккинчи вариантни инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ва базавий инфляциянинг барқарорлашуви қўллаб-қувватлаган. Сентябрь ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 8,7 фоизга, тадбиркорларники эса 9,2 фоизгача пасайган. Марказий банк раҳбари ўринбосари сўмнинг ижобий динамикаси ва бошқа макроиқтисодий омилларни ҳам қайд этди.
Шу билан бирга, Ачиловнинг таъкидлашича, асосий ставкани пасайтириш масаласи қўшимча муҳокамани талаб қилади. «Асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш таклифи бошқарма аъзолари томонидан кўпроқ овоз олди», — деди у.
Регулятор қатъий пул-кредит шароитларини ички талабнинг юқорилиги ва ташқи инфляцион хатарлар билан изоҳламоқда. Сентябрь ойида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи ва хизматлар нархининг ошиши фонида йиллик инфляция августдаги 6,2 фоиздан 6,4 фоизга тезлашди. Хизматлар соҳасида инфляция 7 фоизга етди. Марказий банк, шунингдек, жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархининг эҳтимолий ўзгаришлари ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг ошишидан келиб чиқадиган иккиламчи таъсирларни ҳам ҳисобга олмоқда.
2027–2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари доирасида Марказий банк фоиз коридорини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Ҳозирда у асосий ставкага нисбатан плюс-минус 2 фоиз бандини ташкил этади, яъни 12 фоиздан 16 фоизгача бўлган оралиқни қамраб олади.
Асосий ставкани пасайтиришга ўтиш жараёнида бундай коридор ҳаддан ташқари кенг бўлиши мумкин. Шу сабабли регулятор уни босқичма-босқич торлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Марказий банк баҳосига кўра, операцион механизмни такомиллаштириш асосий ставкадаги ўзгаришларни пул ва молия бозорларига тезроқ ўтказиш имконини беради.
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиздан 14 фоизга оширган 2025 йил март ойидан буён у 14 фоиз даражасида сақланиб келмоқда.