Ўзбекистон киберфирибгарлик ва банк маълумотларини узатиш учун жазоларни кучайтиришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон киберфирибгарлик ва банк маълумотларини узатиш учун жазоларни кучайтиришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон киберфирибгарлик ва банк маълумотларини узатиш учун жазоларни кучайтиришни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Бугунги кунда аҳолига банк ва тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари билан боғлиқ амалиётларни бажариш учун катта қулайликлар яратилган. Шу билан бирга, ахборот технологияларидан фойдаланиб, қўллаш кўламини кенгайтириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, уларни фош этиш механизмини такомиллаштириш, фуқароларнинг банк карта ҳисобрақамларидаги пул маблағларини турли киберҳужумлардан ҳимоялаш тизимини кучайтиришга зарурат туғилмоқда.

Депутатлар томонидан муҳокама этилган қонун лойиҳаси билан банк карталари, электрон ва крипто-ҳамёнлар ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи маълумотларни қонунга хилоф равишда бошқа шахсларга берганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, СИМ-карталар, шахсий аккаунтлар ва идентификация воситаларини бошқа шахсларга ноқонуний бериш ёки улардан фойдаланиш ҳолатлари учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтириляпти.

Лойиҳада муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти. Банк ва тўлов ташкилотларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабабли юзага келган зарарни банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан қоплаш механизми жорий этилмоқда.

Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Тергов органларига банк маълумотларини тақдим этишнинг аниқ муддатларини белгилаш ҳамда ушбу талабларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари қатъийлаштириш таклиф этилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг айрим нормаларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Сайдулло АЗИМОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси: Қонун лойиҳасининг самарадорлигини ошириш мақсадида айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим. Жумладан, лойиҳага мувофиқ Жиноят кодексининг 56-моддасига оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритилмоқда. Бироқ амалда оғирлаштирувчи ҳолат мавжудлиги модда санкциясида белгиланган жазодан оғирроқ жазо тайинлаш имконини бермайди.

Айни пайтда, айрим жиноят турлари табиатан ахборот технологиялари орқали содир этилади. Масалан, солиқ ҳисоботлари фақат электрон шаклда тақдим этилади ва солиқ объектларини яшириш билан боғлиқ қилмишларда мазкур ҳолат ҳар доим мавжуд бўлади. Бу эса амалдаги рағбатлантирувчи нормаларни қўллашда муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, Жиноят кодексининг 57¹-моддасига кўра, шахс ўз айбини тан олиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлса, жиноятни очишга фаол ёрдам берса ҳамда етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф этса, агар унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, унга тайинланадиган жазо энг кўп муддати ёки миқдорининг учдан икки қисмидан ошмаслиги лозим. Демак, 56-моддага киритилаётган янги ҳолат келгусида мазкур рағбатлантирувчи нормани қўллашга тўсқинлик қилиши мумкин.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қайд этилган ҳолатларни атрофлича таҳлил қилиш зарур бўлади.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси консептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг